КОРРУПЦИЯСИЗ КЕЛАЖАК САРИ

30/06/2022 - 20:26 508

КОРРУПЦИЯСИЗ КЕЛАЖАК САРИ

 

Коррупция – тараққиёт кушандаси!

 

“Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз”

Ш.М. Мирзиёев

 

 

КОРРУПЦИЯ НИМА?

    “Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир”.

     Ҳар бир давлат ўз тараққиёти давомида миллий манфаатларига энг кўп зиён келтирувчи таҳдидларга қарши курашишни устувор вазифа ҳисоблаб, унга қарши қатъий чоралар кўради. Шу боисдан халқимиз азалдан коррупцияни, айниқса, унинг азалий кўринишларидан бири бўлган порахўрликни қоралаб келган. Бировнинг ҳаққидан ҳазар қилган.

     Аммо инсоният тараққий этиб боргани сари айрим иллатлар қаторида коррупция ҳам ривожланиб, унинг башариятга, жаҳон иқтисодиётига, шу жумладан, республикамиз иқтисодиётига ҳам салбий таъсири кучаяётганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Коррупция аралашмаган жойда ҳар бир инсоннинг истеъдоди намоён бўлади. Ютуқлари илгари сурилади. Бундай етук малакали инсонлардан албатта, Ибн Сино, Фарғоний, Беруний, Хоразмий каби мутафаккирлар етишиб чиқса ажаб эмас. Энг аввало, юксак тараққиётга эришиш учун фуқаролар ўзини эмас, амал курсисини эмас, балки жамият манфаатини ўйлаб иш тутса, ўшандагина коррупциянинг илдизини қуритиш мумкин”.

     Бу борада давлатимиз халқаро ҳамжамиятда:

     Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти билан Коррупцияга қарши кураш бўйича Стамбул ҳаракат режасини ҳамкорликда амалга оширмоқда (2010 йил);

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси UNO, OSCE, OECD, FATF, WB, EBRD ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

***

Пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам, иккови орасида юриб порада воситалик қилувчини ҳам Аллоҳ лаънатласин!

Ҳадис

***

“Пора – челакни қудуққа сув тортиб олиш учун махфий тарзда тушириш маъносида”, дегани. Яъни, пора берувчи ноҳақ равишда мол-дунё ейишга ҳукм чиқартириш мақсадида ўз порасини махфий равишда ҳокимга беради.

      Ал-Ҳалвоний

 

***

    Золимлар одамларни ишларини тараққий қилдиришдан тўсадилар, уларга бирор нарса беришсагина, уларга индашмайди. Бу ҳолат олувчига ҳам, берувчига ҳам ҳаром бўлиб, бу айни порадир!

“Китоб ал-Кароҳият”

Президентимиз Шавкат Мирзиёев фарзандларимизга болалигидан покни нопокдан, ҳалолни ҳаромдан фарқлашга ўргатишни назарда тутиб, ёш авлод тарбияси ҳақида гапирганда, Абдурауф Фитратнинг қуйидаги фикрларига ҳар биримиз, айниқса, энди ҳаётга кириб келаётган ўғил-қизларимиз амал қилишлари лозимлигини таъкидладилар: “Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ”.

    Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, коррупция ва порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб боради. Пора воситасида ноҳақлик ҳақ мақомига чиқиши боис жамият пароканда бўлади. Мамлакатимиз мустаҳкамлиги, халқимиз фаровонлиги, юртнинг ривожи ва гуллаб- яшнашини, охирати обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро пора олиш
ва бериш иллатидан халос бўлиши керак.

 

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ
КУРАШИШ БЎЙИЧА
НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР РЎЙХАТИ:

  • Бирлашган миллатлар ташкилотининг “Коррупцияга қарши” Конвенцияси.
    2003 йил 31 октябрь, Нью-Йорк.

     (Ўзбекистон Республикаси учун 2008 йил 28 августдан кучга кирган);

 

  • Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Қонуни;

 

  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 2 февралдаги
    ПҚ-2752-сон қарори;

 

  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сон Фармони;

       (Ушбу Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши таркиби тасдиқланган);

 

  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 2020 йил 29 июндаги
    ПҚ-4761-сон қарори.

(Ушбу қарор билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилган).