Минимал истеъмол харажатлари қиймати ва унинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги аҳамияти

06/07/2021 - 09:20 2885

Нурбек Юлдашев-Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари

Жорий йил бошида мамлакатимиз раҳбарияти томонидан қабул қилинган давлат дастурида аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида тарихда илк бор аҳолининг камбағаллик даражасини белгилашда фойдаланиладиган минимал истеъмол харажатлари қиймати кўрсаткичини амалиётга киритиш вазифаси белгиланган.

Аҳолининг минимал истеъмол харажатлари қиймати шунингдек, мамлакатда ижтимоий сиёсатни юритишда самарали инструмент сифатида ҳамда ижтимоий кафолатларни бир тизимга келтирилган ҳолда, уларни минимал меъёрлар даражасида босқичма-босқич таъминлаш мақсадида амалиётга киритилиши кўзда тутилган эди.

Натижада қатор вазирлик ва идоралар ҳамда Жаҳон банки экспертлари билан биргаликда республиканинг барча ҳудудларидаги танлама усулида ажратиб олинган уй хўжаликлари ўртасида ўтказилган сўровларга асосланиб Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатларининг дастлабки қиймати ҳисоблаб чиқилди. Бунда аввало ушбу кўрсаткичнинг амалий фойдаси сифатида пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдорини минимал истеъмол харажатларига босқичма-босқич етказиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишни кўрсатиш мумкин.

Давлат дастурида назарда тутилган топшириқ асосида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 4 июндаги ПФ-6241-сон “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Унга кўра, пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдорлари қўйидагича оширилмоқда:

Биринчидан, белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилмоқда.

Яъни бугунги кунда белгиланган энг кам ёшга доир пенсия миқдорида (513 350 сўм) ва ундан кам пенсия олувчиларнинг барчасига пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдоридаги (52 494 сўм) маблағ пенсиясига қўшиб тўлаб берилади.

Иккинчидан, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори юқоридаги қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 400 000 сўмга етказилади.

Амалда тўлиқсиз ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг 50 фоизи (256 675 сўм)дан кам бўлмаган миқдорда тайинланади. Натижада 899 минг нафар шахснинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Учинчидан, белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсия миқдори 565 000 сўмга етказилади.

Яъни пенсия тайинлаш учун талаб этилган иш стажига эга бўлган ҳамда бугунги кунда 513 350 сўмдан 564 999 сўмгача миқдорда пенсия олувчи барча шахсларнинг пенсиялари 565 000 сўмга етказилади.

Бунинг учун ҳозирги кундаги пенсия миқдоридан келиб чиқиб мутаносиб равишда пенсия суммалари 50 минг сўмгача оширилади. Натижада 442 минг нафар шахснинг пенсия тўлови қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Тўртинчидан, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 030 сўмдан 400 000 сўмгача оширилади.

Бунда, I - гуруҳ бўйича ногиронлик нафақалари 430,6 минг сўмдан 465,6 минг сўмга оширилади. Натижада 85 минг нафар шахснинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Бешинчидан, боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олувчи оилаларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 675 сўмдан 400 000 сўмгача оширилади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга асосан тўланади.

Яъни, амалда боқувчисини йўқотганлик пенсияси меҳнатга қобилиятсиз ҳар бир оила аъзоси учун белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг 50 фоизи (256 675 сўм)дан кам бўлмаган миқдорда тайинланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, пенсия олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилади.

Мисол учун, вафот этган боқувчининг иш стажи ва иш ҳақига асосан 3 нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзосининг ҳар бирига 256,7 минг сўм (энг кам ёшга доир пенсиянинг 50%)дан пенсия ҳамда 50 минг сўмдан ун ва қолипли нон учун компенсация пули, жами 920 минг сўм тўланмоқда.

Янги тартиб бўйича эса ушбу тўлов 1 122 минг сўмни ташкил этади - биринчи боласига 400 минг сўм, кейинги иккита боласи учун 282,5 минг сўм (энг кам ёшга доир пенсиянинг 50%)дан ҳамда 3 нафар боласи учун пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизидан қўшимча тўлов. Яъни, янги тартибга мувофиқ ушбу оилага – 202 минг сўм қўшилади.

Бунинг натижасида 175 минг нафар боқувчисини йўқотган шахснинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Олтинчидан, боқувчисини йўқотганлик учун нафақа олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 минг сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 минг сўм белгиланади.

Янги тартиб бўйича умумий тўлов 850 минг сўмни ташкил этади - биринчи боласига 400 минг сўм, кейинги иккита боласи учун 150 минг сўмдан. Яъни, янги тартибга мувофиқ ушбу оилага – 137 минг сўм қўшилади.

Мазкур амалиёт жорий этилиши натижасида 59 минг нафар нафақа олувчининг нафақа миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Еттинчидан, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 350 сўмдан 565 000 сўмгача оширилади.

Мисол учун, амалда болаликдан ногиронлик нафақаси 513 350 сўм ҳамда ун ва қолипли нон учун жами 50 минг сўм миқдорида компенсация пули жами 563 350 сўм тўланаётган эди. Янги тартиб бўйича эса ушбу тўлов бошқа тўловлар каби яхлитланиб 565 минг сўмни ташкил этади. Бунинг натижасида 290 минг нафар кишининг нафақа миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ўзгаришлар жорий йилнинг 1 июлидан кучга кириши белгиланган.

 

  Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Ахборот хизмати