“Рақобатбардош саноат унумдорлиги” индекси бўйича ҳафталик коллегиал семинар ўтказилди

26/06/2021 - 17:08 1053

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида” 2020 йил 2 июндаги ПФ-6003-сон Фармони ва Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши томонидан тасдиқланган ҳафталик коллегиал семинарлари жадвали ҳамда ўқув-тематик режасига мувофиқ жорий йилнинг 24 июнь куни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги “Бизнес юритиш” ва бошқа халқаро рейтинглар билан ишлаш бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобатбардош саноат унумдорлиги” индексидаги ўрнини яхшилаш бўйича 2021 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасининг ижро ҳолати юзасидан манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида видеоконференцалоқа орқали семинар бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда мавжуд индикаторлар кесимида Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил учун Рақобатбардош саноат унумдорлиги индексидаги кўрсаткичлари дастлабки ҳисоб-китоблар асосида шакллантирилди. Шу жумладан, мазкур кўрсаткичларнинг шаклланишида муҳим ҳисобланган саноат тармоқлари томонидан ишлаб чиқарилган қўшилган қиймат маълумотлари таҳлил ва муҳокама қилинди.

Шунингдек, манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан мазкур индексдаги кўрсаткичларни яхшилашга қаратиладиган йўналишлар бўйича тавсиялар берилди. Хусусан, ишлаб чиқариш саноатида ўрта-юқори ва юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, ҳамда ИТТКИ (илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари)ни амалиётга татбиқ этишни мувофиқлаштирувчи тизим фаолиятини йўлга қўйиш бўйича таклифлар берилди.

Вазирлик томонидан Рақобатбардош саноат унумдорлиги индексида Ўзбекистон Республикасининг мавқеини янада ошириш мақсадида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг ишчи органлари ҳамда масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ кейинги ишлар олиб борилмоқда.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Ахборот хизмати

Creative Commons Attribution 4.0 International
Saytdagi barcha materiallardan quyidagi lisenziya bo‘yicha foydalanish mumkin: Creative Commons Attribution 4.0 International