Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Иқтисодий Кенгашининг 90-йиғилиши бўлиб ўтди

21/06/2021 - 09:56 772

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси 2021 йил 18 июнда Москвада бўлиб ўтган МДҲ Иқтисодий Кенгашининг навбатдаги 90-йиғилишида иштирок этди.

      Тадбирда, шунингдек Озарбайжон ва Тожикистон Бош вазирларининг биринчи ўринбосарлари, Беларус Бош вазирининг ўринбосари, Moлдова ва Туркманистон элчихонаси вакиллари, Россия Бош вазирининг ўринбосари, Арманистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси, Қозоғистон Мухтор вакили, Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари - Қирғизистон Иқтисодиёт ва Молия вазири, шунингдек, МДҲ бошқарув раиси С. Лебедевлар иштирок этишди.

     Учрашувда МДҲ давлатлари делегациялари раҳбарлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Жумладан, қуйидаги масалалар:

     МДҲга аъзо давлатларнинг ХХЮК ҳудудида кўргазма ва савдо марказларини ташкил этиш;

     МДҲга аъзо давлатлар солиқ органларининг COVID-19 пандемияси ва унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича фаолияти тўғрисида;

     биринчи босқич (2021-2025) Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 2030 йилгача бўлган даврдаги иқтисодий ривожланиш стратегияларини амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси доирасида "МДҲга аъзо давлатлар иқтисодиёти учун COVID-19 пандемияси оқибатида салбий оқибатларни камайтириш чора-тадбирлари" бўлимини амалга ошириш учун "Йўл харитаси"ни тасдиқлаш;

     чигиртка зараркунандаларини фитомониторинг қилиш ва назорат қилиш миллий дастурини 2026 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси"ни тасдиқлаш;

     МДҲга аъзо давлатларнинг 2020 йилгача бўлган даврда ядро энергиясидан тинч йўл билан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлигининг доиравий дастури тўғрисида;

     МДҲга аъзо давлатларнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган меҳнат рационализацияси соҳасидаги ҳамкорлигининг концептуал асосларини амалга ошириш бўйича асосий чора-тадбирлар режаси ва бошқа бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

     Йиғилиш иштирокчилари ташкилий масалаларни ҳам муҳокама қилдилар, хусусан, 2021 йил 10 сентабр куни Москва шаҳрида МДҲ иқтисодий Кенгашининг навбатдаги 91-йиғилишини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.

     Учрашув якунлари бўйича иштирокчилар иқтисодий ҳамкорликни, жумладан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Иқтисодий Кенгаши доирасида давом эттиришга қарор қилди.

 Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 

Ахборот хизмати