Қашқадарё вилоятини ижтимоий иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилган ишлар натижалари юзасидан тақдимот

19/06/2021 - 09:40 903

Жорий йилнинг 15 июнь куни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида Қашқадарё вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Бердиев Анвар Абдувалиевич томонидан Қашқадарё вилоятида ўтган давр мобайнида ижтимоий иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилган ишлар натижалари юзасидан тақдимот ўтказилди.

Тадбир видеоконференция алоқа форматида ташкил этилиб, унда вазирлик марказий аппарати ходимлари ҳамда вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирок этиб ўз таклиф ва саволларини тақдим этдилар.

Тақдимотда ҳудуднинг макроиқтисодий кўрсаткичлари, туман (шаҳар)ларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати бўйича тоифаларга ажратилиши, “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида олиб борилган ишлар, 2021 йилда ҳудудларда камбағалликни қисқартириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурининг бандлари ижроси таҳлил қилиниб, йўналишлар бўйича олиб борилган ишлар муҳокама қилинди. Жумладан,

Ҳудуднинг жорий ҳолатдаги макроиқтисодий кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, шу асосида ушбу кўрсаткичларнинг кутилиши, прогноз параметрлари, бажарилмаслигига таъсир қилувчи хавф-хатарлар (рисклар) тўғрисида маълумот берилди;

Шунингдек, вилоятда ҳудудларнинг статистик кўрсаткичлари, тадбиркорлар ҳамда аҳоли ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра ҳудудларнинг дастлабки рейтинг кўрсаткичлари шакллантирилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳудудлар қуйидагича баҳоланди:

Яшил ҳудудлар – Қарши шаҳри ҳамда Китоб тумани;

Сариқ ҳудудлар – Яккабоғ, Шаҳрисабз, Муборак, Миришкор, Қамаши, Косон, Нишон, Деҳқонобод, Қарши, Касби туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри;

Қизил ҳудудлар – Ғузор ҳамда Чироқчи туманлари.

Якуний натижалар чиққанидан сўнг, қизил ҳудудларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, “Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида аниқланган муаммо ва камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш учун “Маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича жами 1 364 нафар раҳбар ва ходимлар сафарбар қилинди. 771 та маҳаллаларга тижорат банкларидан доимий ишловчи масъул ходимлар бириктирилди.

Шу билан бирга, “Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида 60 та секторда бошқарув офислари, туман ва шаҳарларда мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ташкил этилди.

Қолаверса, эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка жалб этиш, ташаббус ва ғояларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” юритилиши ҳолати бўйича маълумотлар тақдим этилди.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредитлар таҳлили ва янги иш ўринлари яратиш орқали ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш борасида эришилган натижаларга кўра бўш иш ўринларига жойлаштирилди, имтиёзли кредитлар ажратилди, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатида турувчи фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилди ва субсидия маблағлари ҳисобидан иссиқхоналар қуриб берилди ҳамда бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилди.

Вилоятда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган фуқаролар билан ишлашда қайта ҳисобланиш ҳолатлари учраганлиги ҳамда мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, янги тизим яратиш тўғрисида таклифлар муҳокама қилинди, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” учун умумий электрон портал очиш, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар кўриб чиқилди.

Тақдимот сўнггида, вазирлик ходимлари ва вилоят бош бошқармалари вакиллари ҳудудларни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш борасида келгусида амалга оширилиши кўзда тутилаётган ишларни белгилаб олдилар.

 

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Ахборот хизмати