O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori loyihasi

25/04/2019 - 09:32 271

2019-2021 йилларда Навоий вилоятининг Нурота туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида

 

Mazkur qaror loyihasi ilovalari bilan "O‘zbekiston Respublikasi normativ huquqiy hujjatlar loyihalarining muhokamasi" portaliga joylashtirilgan.

Навоий вилоятининг Нурота туманида табиий хом ашё, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли томорқа майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳолининг, хусусан хотин қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, даромадлари ва турмуш даражасини изчил ошириш, туман маркази ва аҳоли пунктлари архитектура қиёфасини тубдан ўзгартириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари томонидан ишлаб чиқилган “2019-2021 йилларда Навоий вилоятининг Нурота туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлар дастури” (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) маъқуллансин.

2. Дастурнинг асосий устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолининг, хусусан хотин қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадларини ва турмуш даражасини ошириш;

кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш;

янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларни модернизация қилиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш;

мавжуд фойдали қазилмалар – мармар, гранит конларини ўзлаштириш натижасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва уларни қайта ишлаш даражасини ошириш;

муҳандислик коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси билан таъминланганлик даражасини ошириш;

хунармандчилик шу жумладан ҳудуд учун хос бўлган қадимий каштачилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш;

туман маркази ва бошқа аҳоли яшаш жойлари меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш ҳамда ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш;

аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш чора-тадбирларига оид дастур доирасида 2019-2021 йилларда туманда рақамли технологиялар ўқув марказини ташкил этиш ва унда бепул таълим бериш.

3. Нурота туманни комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг молиялаштириш манбалари 1-иловага мувофиқ;

саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ;

оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича лойиҳалар 3-иловага мувофиқ;

йўл-транспорт инфратузилмаси ва аҳолига автотранспорт хизматлари кўрсатиш тизимини яхшилаш, электр энергия, табиий газ, ичимлик суви ҳамда алоқа тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар 4-иловага мувофиқ;

ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, ҳудудларнинг архитектура қиёфасини ўзгартириш, замонавий объектлар  қуриш ҳамда кўкаламзорлаштириш бўйича чора-тадбирлар 5-иловага мувофиқ;

Суғориш тик қудуқлари тизимини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар 6-иловага мувофиқ;

2019-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жойларни таъмирлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар 7-иловага мувофиқ;

2019-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жойлар ҳудудларини ободонлаштириш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2019-2021 йилларда Навоий вилояти Нурота туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш, шу жумладан туманда мавжуд норуда фойдали қазилмалардан самарали фойдаланиш мақсадида уларни чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳисобига истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Дастур параметрлари бажарилишини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи  10- иловага мувофиқ ташкил этилсин.

5. Дастурда белгиланган тадбирларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришилиши кўзда тутилсин:

Дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирларга барча манбалар ҳисобидан 1155,1 млрд. сўм миқдорида маблағлар йўналтирилади;

саноатни ривожлантириш бўйича 15 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 434 та янги иш ўрни яратилади;

хизматлар соҳаси ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 15 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 132 та янги иш ўрни яратилади;

қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича 18 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 658 та янги иш ўрни яратилади;

6598 нафар аҳолининг (бандлик 9.8%дан 7.1%га етади), хусусан 2847 нафар хотин қизлар (бандлик 55 %дан 74 %га етади), 1870  ёшлар (бандлик 29 %дан 48 %га етади) бандлигини таъминланади;

36 нафар фуқаролар кам таъминланганлар сафидан чиқарилади;

Нурота тумани маркази ва 3 та аҳоли пунктларини батафсил режалаштириш лойиҳасини амалга ошириш орқали архитектура қиёфаси тубдан ўзгартирилади, бунда:

умумий узунлиги 123,1 километрдан иборат минтақавий йўллар таъмирланади ва реконструкция қилинади (ҳозирги кундаги жами 720,2 км таъмирталаб йўлларнинг 24 фоизи ёки 172 км таъмирланади);

ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 25,7 километр янги тармоқ ҳамда 3 та сув иншооти қурилади, 1,04 километр тармоқлар ҳамда 3 та сув иншоотлари реконструкция қилинади ва таъмирланади (аҳолига сув таъминоти 24,2 %дан 32,3% гача етказилади);

электр энергия таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 31,4 километр янги тармоқ ҳамда 14 та трансформатор қурилади, 40,9 километр тармоқлар реконструкция қилинади ва таъмирланади;

газ таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 1,05 километр тармоқлар реконструкция қилинади ва таъмирланади ҳамда 2000 та газ балонлари аҳолига етказилади (газ таъминоти 85%дан 100% гача етказилади);

13 та мактабгача таълим муассасаси қурилади, 3 та мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланади ҳамда бунинг натижасида мактабгача ёшдаги болалар қамрови 31%дан 65%га етказилади;

16 та мактаб реконструкция қилинади, 9 та мактаб мукаммал таъмирланади, 2 та мактаб капитал таъмирланади ҳамда бунинг натижасида мактаблардаги  ўқувчилар ўқув шароитлари яхшиланади ҳамда смена 2 дан 1 га камайишига эришилади;

8 та тиббиёт муассасаси қурилади, 1 та тиббиёт муассасаси реконструкция қилинади, 4 та муассаса замонавий тиббий асбоб ускуна билан таъминланади ҳамда бунинг натижасида тиббиёт муассасаларда 91,0 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади;

8 та спорт муассасаси қурилади, 2 та спорт муассасаси мукаммал таъмирланади ҳамда бунинг натижасида спорт муассасаларда қўшимча 2,0 минг нафар аҳолига спорт хизматларни кўрсатиш сифати яхшиланади;

10 та бошқа ижтимоий муассасалар қурилади, 10 та бошқа ижтимоий муассасалар реконструкция қилинади, бунинг натижасида 12,0 минг нафар аҳолига бошқа хизматларни кўрсатиш сифати яхшиланади;

262 та суғориш тик қудуқлари қурилади, натижада 6550 га томорқа майдонларини суғориш имконияти яратилади;

12 та кўп қаватли уй-жойлар таъмирланади ҳамда 12 та қўп қаватли уй-жой ҳудудлари ободонлаштирилади (500 нафарга яқин аҳолининг турмуш шароити яхшиланади).

Республика ишчи гуруҳи (А.Ж. Раматов):

Дастурнинг амалга оширилишига жалб этилган вазирлик ва идоралар, тижорат банклари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти мувофиқлаштиришни таъминласин;

барча параметрлар бўйича йўл харитаси ижроси ва Дастур бажарилиши мониторинги олиб борилишини ташкил этсин ва ҳар ойда тизимли равишда муаммоли масалаларни кўриб чиқсин, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий чоралар кўрсин;

зарурат бўлганда, тайёрланган ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда, истиқболсиз лойиҳаларни истиқболли лойиҳаларга алмаштириш бўйича Дастурга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин;

муаммоли масалаларни мунтазам равишда ўрганиб бориш ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан тезкор амалий чора-тадбирлар кўрган ҳолда Дастур бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб борсин.

6. Навоий вилояти ҳокимлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, тегишли тижорат банклари, вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг тармоқ жадвалларини бир ой муддатда тасдиқласин.

7. Республика тижорат банкларига:

Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, республикада ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар ва уларга бутловчи буюмларни харид қилиш учун белгиланган тартибда кредитлар, шу жумладан чет эл валютасидаги кредит маблағлари ажратиш;

Ҳукумат қарорлари билан тасдиқланган Дастурлар асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш бўйича ажратилаётган имтиёзли кредит маблағларини биринчи навбатда кам таъминланган оилалар, хотин қизлар ва ёш тадбиркорларга йўналтириш тавсия этилсин.

8. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда  Нурота туманида:

мавжуд норуда фойдали қазилмалар конларинини ўзлаштириш учун салоҳиятли инвесторларни, биринчи навбатда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги инвестицияларни жалб қилган ҳолда қазиб олиш ва қайта ишлаш;

пардозбоп тошларни қазиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган корхоналардан иборат кластерни барпо этиш ва пардозбоп тошларни чуқур қайта ишлаш орқали жаҳон стандартларига мос экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш чораларини кўрсин.

9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Навоий вилояти ҳокимлиги  2019 йилнинг 1 июлига қадар Нурота туманининг инвестицион жозибадорлиги, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хорижий инвесторлар учун таклиф этилаётган шарт-шароит ва имкониятлар ҳақидаги инглиз ва рус тилларида видео-тақдимот материалларни тайёрлаш, “Инвестиция портали” ва оммавий ахборот воситаларига жойлаштириш, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига юборилиш ва улар орқали кенг ёритишни таъминласин.

10. ТИФ “Миллий банк” Навоий вилояти Нурота тумани ҳокимлиги томонидан аниқланган  лойиҳа ташаббускорларига мармар ва гранит тошларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш учун талаб этиладиган банк кредитларини 10 йил муддатга, Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизидан юқори бўлмаган йиллик устама ҳақ тўлаш шарти билан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган кредитлаш тизими жорий этиш тавсия этилсин.

Ажратиладиган кредит учун талаб этиладиган гаров таминоти сифатида ишлаб чиқариш фаолияти учун харид қилинадиган махсус техника ва технологияларни ҳамда суғурта компанияларининг суғурта полисларини қўллаш кўзда тутилсин.

11. Навоий вилояти ва Нурота тумани ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси билан биргаликда Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишида талаб этиладиган ер участкаларини истисно тариқасида аукцион савдоларисиз Нурота шаҳрининг бош режасини инобатга олган ҳолда ажратилишини таъминласин.

12. Навоий вилояти ҳокимлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Нурота туманидаги “Чашма” тарихий-меъморий мажмуасини янада обод қилиш, мажмуа атрофида қўшимча меҳмонхона қуриш, унаби ва бошқа мевали дарахтлар боғини яратиш чораларини кўрсин.

13. Адлия вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Нурота тумани Давлат хизматлари марказининг янги биносини жорий йил якунига қадар қуриб битказиш ва фойдаланишга топширишни таъминласин.

14. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги Нурота тумани “Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази”нинг эски биноси ўрнида марказнинг янги замонавий биносини 2019 йилнинг 1 октябрига қуриб битказсин ва фойдаланишга топширсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Навоий вилоят ҳокимлиги билан биргаликда 2020 йилнинг  феврал ойига қадар:

туманда ҳар икки йилда анъанавий тарзда ўтказилиши белгиланган “Нурли наволар” халқаро фестивалини юқори савияда ўтказилишини ташкил этиш учун туман марказида икки минг ўринли замонавий амфитеатр биносини янгидан қуриш;

туман марказидаги мавжуд 1934 йилда барпо этилган, истироҳат боғини замонавий атракционлар (чархпалак ва бошқалар) асосида реконструкция қилиш;

болалар ёзги дам олиш мавсумини мароқли ўтказилишини ташкил этиш мақсадида, “Сентоб” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида икки юз ўринли болалар оромгоҳини қуриш;

туманга ташриф буюрувчи хорижий делегация ва инвесторларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида туман ҳокимлиги балансига “Нunday” русумли микро автобус билан таъминлаш чораларини кўрсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Навоий вилоят ҳокимлиги,  Туризмни ривожлантириш қўмитаси билан биргаликда, Хорижий Молия институтлари имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига туманнинг туристик салоҳиятини ошириш, сайёҳларга ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда тарихий обидалар билан тўлақонли танишиш, уларни мазмунли дам олишлари учун қулай имкониятларни яратиш мақсадида, 2020 йил якунига қадар, “Чашма” тарихий мажмуасидан, унинг юқори тоғ ён бағридаги қадимий ёдгорлиги ҳудудига олиб борувчи “Осма дор йўли” қуриш чораларини кўрсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари томонидан туманда сифатли хусусий тиббиёт муассасаларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш мақсадида хусусий тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий ускуналари билан таъминлаш учун имтиёзли кредитлар ажратилишини таъминласин.

18. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Навоий вилоят ҳокимлиги бир ой муддатда 2019-2021 йилларда Нурота туманида мавжуд 1 350 гектар бошоқли дон экин майдонларини қисқартириш ҳисобига ҳамда қўшимча 8 650 гектар лалми ва яйлов ер майдонларида “гибрид турдаги муқобил энергия манбалари”ни қўллаш асосида томчилатиб суғоришни жорий қилган ҳолда, юқори даромадли ва экспортбоп экинларни экиш, жумладан интенсив боғ, ёнғоқ, бодом, писта плантацияларини ва токзорларни барпо этиш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиб Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

Бунда, бошоқли дон экин майдонларини қисқартириб ўрнида сув тежовчи технологиялар жорий этиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган ер майдонларини  суғоришда фойданиладиган Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси балансида бўлган тик суғориш қудуқларини эксплуатация қилишнинг амалдаги тартиби уч йил муддатгача сақлаб қолинсин.

19. Сув хўжалиги вазирлиги, Навоий вилоят ҳокими билан биргаликда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг ер ости сув ресурслари жойлашуви ҳамда ундан оқилона фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган харитаси асосида 2019 йилнинг 1 июнига қадар 2019-2021 йилларда 400 дона тик қудуқлар қазиш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқсин.

20. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш” Агентлиги, Асакабанк, Навоий вилоят ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда 3600 гектарда  токзорлар барпо этиш бўйича чора тадбирлар режасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

21. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат ўрмон хўжалиги қўмитаси, Навоий вилоят ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Нурота давлат Ўрмон хўжалигининг ўзлаштирган ер майдонларига 10 дона тик қудуқ қазиш ҳамда моддий техник базасини тубдан яхшилаш бўйича чора тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.

22. Навоий вилояти ҳокимлиги, Ҳунармандлар уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрдаги ПФ-5242 сонли “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони 6-иловасига мувофиқ Нурота туманидаги “Чашма” зиёратгоҳи атрофида 2019 йилнинг
2 чорагида ҳунармандчиликни ривожлантириш марказини ташкил этсинлар ва бунда қуйидагиларга эътибор қаратилсин:

ҳунармандчиликни ривожлантириш марказини тарихий-анъанавий архитектура услубида қуриш, унинг биносида ҳудудга хос бўлган каштачиликни ривожлантириш;

марказ ҳудудида “тарихий шарқ бозори” услубида савдо расталари ва халқ амалий санъати ижоди кўргазмалари учун махсус жойлар ажратиш, бунда каштачилик, мрамар тошларидан ясалган буюмлар доимий ярмаркасини ташкил этиш.

23. Ўзбекистон Фанлар Академияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий ишлаб чиқариш маркази бир ой муддатда Фанлар Академиясининг Навоий вилояти бўлимига қарашли “Қизилқум” илмий-тадқиқот тажриба станцияси томонидан Нурота туманида 500 гектар ер майдонида, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий ишлаб чиқариш марказига қарашли Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлари уруғчилик илмий ишлаб чиқариш маркази томонидан яйлов ўсимликлари уруғчилигини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

24. “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти Нурота туман аҳолисини белгиланган меъёр бўйича суюлтирилган газ билан таъминлаш учун тумандаги А.Темур МФЙ ҳудудида аҳолига суюлтирилган газ балонларини тўлдириб бериш шахобчасини (ГТШ) қурилишини таъминлаб 2000 дона суюлтирилган газ баллонлари ажратилишини таъминласин. 

25. “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти, Навоий вилояти хокимлиги дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи ишлаб чиқариш корхоналарини электр узатиш тармоқларига ўз вақтида уланишини ва уларга мавжуд ресурс ва техник имкониятлардан келиб чиқиб электр энергиясини етказиб берилишини белгиланган тартибда таъминласин.

26. Навоий вилояти ҳокимлиги ҳар чоракда:

халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг мажлисларида Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича ишларнинг натижадорлигини кўриб чиқсин;

Дастурнинг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни ҳар чорак якуни билан  Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин.

27. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж.Раматов ҳамда Навоий вилояти ҳокими Қ.Б.Турсунов зиммасига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири  А.Арипов

Mazkur qaror loyihasi ilovalari bilan "O‘zbekiston Respublikasi normativ huquqiy hujjatlar loyihalarining muhokamasi" portaliga joylashtirilgan.