O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori loyihasi

25/04/2019 - 09:24 236

2019-2021 йилларда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманини намунали туманга айлантириш бўйича ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури тўғрисида

 

Mazkur qaror loyihasi ilovalari bilan "O‘zbekiston Respublikasi normativ huquqiy hujjatlar loyihalarining muhokamasi" portaliga joylashtirilgan.

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида табиий хом ашё, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли томорқа майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳолининг, хусусан хотин қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, даромадлари ва турмуш даражасини изчил ошириш, туман маркази ва аҳоли пунктлари архитектура қиёфасини тубдан ўзгартириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари томонидан ишлаб чиқилган “2019-2021 йилларда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманини намунали туманга айлантириш бўйича ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда намунали туман деб аталади) маъқуллансин.

2. Дастурнинг асосий устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолининг, хусусан хотин қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадларини ва турмуш даражасини ошириш;

кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш;

янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларни модернизация қилиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва уларни қайта ишлаш даражасини ошириш;

муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси билан таъминланганлик даражасини ошириш;

туман маркази ва бошқа аҳоли яшаш жойлари меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш, замон талабларига жавоб бермайдиган бино-иншоотларни бузиб ўрнига замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли биноларини қуриш ҳамда ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш;

ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этишга оид дастурга асосан 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларни маданият ва санъатга жалб этиш бўйича ҳудудий “йўл харита”ларини икки ҳафтада ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

болалар мусиқа ва санъат мактабларида қўшимча синфлар, маданият марказларида чолғу, хонандалик, тасвирий санъат тўгараклари, ҳаваскорлик театр жамоалари ва болалар ансамблларини ташкил этиш;

ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, спорт иншоотлари қувватини оширишга қаратилган дастур лойиҳасида туманда енгил конструкцияли кичик спорт заллари қуриш;

аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш чора-тадбирларига оид дастур доирасида 2019-2021 йилларда туманда рақамли технологиялар ўқув марказини ташкил этиш ва унда бепул таълим бериш;

2019-2020 йилларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналарини қуриш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш;

3. Туманни комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг молиялаштириш манбалари 1-иловага мувофиқ;

саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ;

оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича лойиҳалар 3-иловага мувофиқ;

йўл-транспорт инфратузилмаси ва аҳолига автотранспорт хизматлари кўрсатиш тизимини яхшилаш, электр энергия, табиий газ, ичимлик суви ҳамда алоқа тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар 4-иловага мувофиқ;

ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш  замонавий объектлар қуриш ҳамда кўкаламзорлаштириш бўйича чора-тадбирлар 5-иловага мувофиқ;

ирригация ва мелиорация тизимини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар 6-иловага мувофиқ;

2019-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жойларни таъмирлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар 7-иловага мувофиқ;

2019-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жойлар ҳудудларини ободонлаштириш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Дастур параметрлари бажарилишини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи 9-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

5. Дастурда белгиланган тадбирларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришилиши кўзда тутилсин:

Дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирларга барча манбалар ҳисобидан 1 796,617 млрд. сўм миқдорида маблағлар йўналтирилади;

саноатни ривожлантириш бўйича 10 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 224 та янги иш ўрни яратилади;

хизматлар соҳаси ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 24 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 149 та янги иш ўрни яратилади;

қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича 32 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 323 та янги иш ўрни яратилади;

1708 нафар аҳолининг (бандлик 84 %дан 89 %га етади), хусусан 1418 нафар хотин қизлар (бандлик 78 %дан 85 %га етади), 862 ёшлар (бандлик 85% дан 94 %га етади) бандлигини таъминланади;

1116 нафар кам таъминланган фуқароларни (кам таъминланганлар сони 1116 нафардан 0 нафарга етади) кам таъминланганлар сафидан чиқарилади;

Қизилтепа тумани маркази ва 6 та аҳоли пунктларини батафсил режалаштириш лойиҳасини амалга ошириш орқали архитектура қиёфасини тубдан ўзгартирилади, бунда:

умумий узунлиги 486 километрдан иборат минтақавий йўллар (ички кўчалар) таъмирланади ва реконструкция қилинади (ҳозирги кундаги жами 654 км таъмирталаб йўлларнинг 74 фоиз таъмирланади);

14 километр бўлган тунги кўча ёритиш тармоқлари тортилади ва 8 км мавжудлари таъмирланади;

ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 298 километр янги тармоқ ҳамда 4 та сув иншоотини қурилади, 44,2 километр тармоқлар ҳамда 1 та сув иншоотларини реконструкция қилинади ва таъмирланади (аҳолига сув таъминоти 52 %дан 90% гача етказилади);

оқава суви таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 8,3 километр янги тармоқ ҳамда 1 та сув иншоотини қурилади;

электр энергия таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 35,4 километр янги тармоқ ҳамда 5 та трансформатор қурилади, 107 километр тармоқлар ҳамда 23 та трансформаторлар реконструкция қилинади ва таъмирланади;

газ таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 60 километр тармоқлар реконструкция қилинади ва таъмирланади ҳамда 4000 та газ балонлари аҳолига етказилади;

18 та мактабгача таълим муассасаси қурилади, 8 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинади ҳамда бунинг натижасида мактабгача ёшдаги болалар қамрови 30 %дан 80 %га етказилади;

3 та мактаб қурилади, 12 та мактаб реконструкция қилинади, 17 та мактаб мукаммал таъмирланади ҳамда бунинг натижасида мактаблардаги  ўқувчилар ўқув шароитлари яхшиланади ҳамда смена 1,5 дан 1,1 га камайишига эришилади;

8 та тиббиёт муассасаси қурилади, 11 та тиббиёт муассасаси реконструкция қилинади ҳамда бунинг натижасида тиббиёт муассасаларда 148,6 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади;

7 та спорт муассасаси қурилади ҳамда бунинг натижасида спорт муассасаларда 15 минг нафар аҳолига спорт хизматларни кўрсатиш сифати яхшиланади;

1 та маданият муассасаси қурилади, ҳамда бунинг натижасида маданият муассасаларда 49,2 минг нафар аҳолига маданият ва бошқа хизматларни кўрсатиш сифати яхшиланади;

3 та бошқа ижтимоий муассасаси қурилади бунинг натижасида бошқа ижтимоий муассасаларда 32,0 минг нафар аҳолига бошқа хизматларни кўрсатиш сифати яхшиланади;

ирригация-мелиорация соҳасида, жумладан, 50,6 километр ирригация ва 109,3 километр мелиорация объектларини қуриш ва таъмирлаш, 30 дона тик қудуқ дренажлари қуриш ҳамда бунинг натижасида 6000 га ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади ҳамда 300 га томорқа майдонларини суғориш имконияти яратилади;

54 та кўп қаватли уй-жойлар таъмирланади ҳамда 4 қўп қаватли уй-жойлар ҳудудларини ободонлаштирилади (2,4 минг аҳолининг турмуш шароити яхшиланади).

6. Навоий вилояти ва туман ҳокимлиги тижорат банклари ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда бир ой муддатда лойиҳаларда қурилиш ишларини бажариш, уларни асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ва лойиҳаларни фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган ҳолда тармоқ жадвалларини ишлаб чиқилишини таъминласин.

7. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Навоий вилоят ҳокимлиги туман марказини канализация тизими билан таъминлаш мақсадида белгиланган тартибда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқсин ва 2020-2021 йилларда Инвестиция дастурлари доирасида амалга оширсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги 2019-2020 йилларда Қизилтепа туманида мева-сабзавот кластерини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан 10 йил муддатда имтиёзли 3 фоизда 30,0 млн.доллар валютани хорижий молия институтлари маблағлари ҳисобидан ҳамда 10 млрд.сўмни Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасида банк кредити маблағлари ажратиш юзасидан тегишли чоралар кўрсин.

9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги 2019-2020 йилларда “Унверсалагро” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан “Қуруқ меваларни қадоқлаб экспорт қилиш, кунжутдан ҳалво ишлаб чиқариш ҳамда кунгабоқарни қайта ишлаш” лойиҳасини амалга оширишда Навоий ЭИЗ доирасида бериладиган имтиёзларни (солиқ, божхона) тадбиқ этсин.

10. Республика ишчи гуруҳи (А.Ж. Раматов):

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини мувофиқлаштирсин;

барча параметрлар бўйича йўл харитаси ижроси ва Дастур бажарилиши мониторинги олиб борилишини ташкил этсин ва ҳар ойда тизимли равишда муаммоли масалаларни кўриб чиқсин, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий чоралар кўрсин;

зарурат бўлганда, тайёрланган ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда, истиқболсиз лойиҳаларни истиқболли лойиҳаларга алмаштириш бўйича Дастурга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.

11. Белгилаб қўйилсинки, мазкур дастурга киритилган Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан маблағ ажратилиши кўзда тутилган инвестиция лойиҳалари қонунчиликда белгиланган тартибда молиялаштирилсин.

12. Савдо-саноат палатаси, тижорат банклари билан биргаликда лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширилишини ташкил этиш мақсадида ташаббускорларга бизнес режа ва тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратилишида талаб этиладиган зарур ҳужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатсин.

13. Республика тижорат банкларига:

Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, республикада ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар ва уларга бутловчи буюмларни харид қилиш учун белгиланган тартибда кредитлар, шу жумладан чет эл валютасидаги кредит маблағлари ажратиш;

Ҳукумат қарорлари билан тасдиқланган Дастурлар асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш бўйича ажратилаётган имтиёзли кредит маблағларини биринчи навбатда кам таъминланган оилалар, хотин қизлар ва ёш тадбиркорларга йўналтириш тавсия этилсин.

14. АТБ “Микрокредитбанк” туман марказида жойлашган филиал биносини эскирганлиги ҳамда замон талабларига жавоб бермаслигини инобатга олиб, замонавий шаҳарсозлик талабларига мос келадиган янги банк филиали биносини қуриш чораларини кўрсин.

15. Навоий вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларига белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида мазкур қарордаги лойиҳаларнинг киритилишини таъминласин.

16. Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, “Давергеодезкадастр” қўмитаси белгиланган тартибда дастурдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ер майдонлари ажратилишини ҳамда қурилиш-монтаж ишларини бажаришга рухсатномалар берилишини таъминласин.

17. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси қурилиш материаллари ва бошқа саноат маҳсулотлари турларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун белгиланган тартибда лицензиялар берилишини ҳамда ер ости ичимлик сув манбаларини аниқлаш ишларини амалга оширилишини таъминласин.

18. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги, “Ўзсаноатқурилишбанк” бир ой муддатда Қизилтепа туманида қурилиш материаллари учун хом ашё мавжуд конларни тўлиқ ўрганиб чиқсин ва якуни билан аниқланган норуда қазилма бойликлари конларини давлат заҳирасига ўтказиш ҳамда улардан саноат усулида фойдаланиш бўйича дастур ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

19. “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти Қизилтепа туманида 14 777 та хонадон газ тармоғидан узилиб суюлтирилган газга (газ баллонларига) мослаштирилганлигини инобатга олиб, аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 2019-2020 йилда суюлтирилган газ баллонларини тўлдириш шаҳобчасини (ГНП) янгидан қуриш чоралари кўрилсин.

20. “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти, Навоий вилояти ҳокимлиги дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи ишлаб чиқариш корхоналарини табиий газ ва электр узатиш тармоқларига ўз вақтида уланишини ва уларга мавжуд ресурс ва техник имкониятлардан келиб чиқиб табиий газ ҳамда электр энергиясини етказиб берилишини белгиланган тартибда таъминласин.

21. Навоий вилояти ҳокимлиги ва Қизилтепа тумани ҳокимлиги ҳар чорак якуни билан Дастурдаги тадбирларнинг белгиланган муддатларда ҳамда сифатли бажарилиши бўйича амалга оширилаётган ишларни вилоят ва туман фаоллари йиғилишларида муҳокама қилсинлар.

22. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Навоий вилояти ҳокими К.Б.Турсунов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                А.Арипов

Mazkur qaror loyihasi ilovalari bilan "O‘zbekiston Respublikasi normativ huquqiy hujjatlar loyihalarining muhokamasi" portaliga joylashtirilgan.