O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori loyihasi

25/04/2019 - 09:17 348

2019-2021 йилларда Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури тўғрисида

 

Mazkur qaror loyihasi ilovalari bilan "O‘zbekiston Respublikasi normativ huquqiy hujjatlar loyihalarining muhokamasi" portaliga joylashtirilgan.

Замонавий пардозбоп қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, ҳудудда мавжуд табиий, ишлаб чиқариш ва меҳнат ресурсларидан тўла-тўкис фойдаланиш асосида қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни чуқур қайта ишлаш, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш, аҳолининг бандлиги ва даромадларини ошириш йўли билан Навоий вилояти Ғозғон шаҳринининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини комплекс ривожлантириш ва мустаҳкамлашни, шунингдек, аҳолининг турмуш даражаси ва сифати янада оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари томонидан ишлаб чиқилган “2019-2021 йилларда Навоий вилоятининг Ғазғон шаҳрини комплекс ривожлантириш дастури” (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) маъқуллансин.

2. Дастурнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш даражаси ва фаровонлигини ошириш;

Ғозғон шаҳрини пардоз тош қазиб олиш ва ишлов беришга ихтисослашган саноат шаҳрига айлантириш мақсадида мавжуд фойдали қазилмалар – мармар, гранит конларини ўзлаштириш натижасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш;

саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳамда мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш, шу жумладан янги замонавий қурилиш ва пардозлаш материаллари ва халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқариш;

хунармандчилик шу жумладан ҳудуд учун хос бўлган халқ амалий санъатини ривожлантириш;

тижорат банклари томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш ҳисобига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш;

ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини ичимлик сув, электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш ҳамда бошқа ижтимоий-маиший хизматлар кўрсатиш даражасини яхшилаш.

3. Навоий вилояти Ғозғон шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг молиялаштириш манбалари 1-иловага мувофиқ;

қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ;

йўл-транспорт инфратузилмаси ва аҳолига автотранспорт хизматлари кўрсатиш тизимини яхшилаш, электр энергия, табиий газ, ичимлик суви ҳамда алоқа тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар 3-иловага мувофиқ;

ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, ҳудудларнинг архитектура қиёфасини ўзгартириш, замонавий объектлар қуриш ҳамда кўкаламзорлаштириш бўйича чора-тадбирлар 4-иловага мувофиқ;

2019-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жойларни таъмирлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар 5-иловага мувофиқ;

норуда фойдали қазилмалардан самарали фойдаланиш ҳамда замонавий пардозбоп қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришда уларни чуқур қайта ишланишини ташкил этиш ҳисобига амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхати 6-иловага мувофиқ;

4. Дастур параметрлари бажарилишини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи 7-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

5. Дастурда белгиланган тадбирларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришилиши кўзда тутилсин:

Дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирларга барча манбалар ҳисобидан 764,1 млрд. сўм миқдорида маблағлар йўналтирилади;

1865 нафар аҳолининг, хусусан 280 нафар хотин қизлар, шунингдек 373 нафар ёшлар бандлиги таъминланади.

Ғозғон шаҳрининг батафсил режалаштириш лойиҳасини амалга ошириш орқали архитектура қиёфаси тубдан ўзгартирилади, бунда:

умумий узунлиги 81,7 километрдан иборат минтақавий йўллар (ички кўчалар) қурилади ва таъмирланади;

ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 46,5 километр тармоқ янгидан тортилади ва 37,8 километр тармоқлар реконструкция қилинади (аҳолининг ичимлик сув таъминланиш даражаси 50% дан 90% гача яхшиланади);

электр энергия таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 36 километр янги тармоқ ҳамда 15 та трансформатор янгидан ўнатилади, 11,2 километр тармоқлар ҳамда 7 та трансформатор модернизация ва реконструкция, 25 км тармоқлар ҳамда 10 та трансформаторлар мукаммал таъмирланади;

газ таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 3 километр тармоқлар ва 12 дона газ тарқатиш қурилмалари реконструкция қилинади ҳамда 125 та янги газ балонлари аҳоли эҳтиёжи учун етказиб берилади;

3 та мактабгача таълим муассасаси қурилади, 2 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинади ҳамда бунинг натижасида мактабгача ёшдаги болалар қамрови 85 % дан 100 % га етказилади;

2 та мактаб реконструкция қилинади, 3 та мактаб биноси ва Ғозғон шаҳар халқ таълими бўлими биноси янгидан қурилади;

1 та 100 қатновли қишлоқ оилавий поликлиникаси янгидан қурилади ҳамда бунинг натижасида тиббиёт муассасаларда 8,2 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади;

1 та спорт муассасаси қурилади, 1 та спорт муассасаси реконструкция қилинади қўшимча 1,5 минг нафар аҳолига спорт хизматларни кўрсатиш сифати яхшиланади;

13 та кўп қаватли уй-жойлар таъмирланади ҳамда 10 та янги кўп қаватли уй-жойлар қурилади.

Республика ишчи гуруҳи (А.Ж Раматовга):

Дастурнинг амалга оширилишига жалб этилган вазирлик ва идоралар, тижорат банклари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти мувофиқлаштиришни таъминласин;

муаммоли масалаларни мунтазам равишда ўрганиб бориш ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан тезкор амалий чора-тадбирлар кўрган ҳолда Дастур бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб борсин.

6. Навоий вилояти ҳокимлиги Қурилиш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, "Ўзтрансгаз" АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан биргаликда Ғозғон шаҳри бош режаси асосида ичимлик сув, оқава сув, автомобил йўллари, электр ва газ тармоқларини 2019-2020 йилларда қуриш бўйича тегишли чораларни кўрсин.

7. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ғозғон шаҳрида:

мавжуд норуда фойдали қазилмалар конларинини ўзлаштириш учун салоҳиятли инвесторларни, биринчи навбатда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги инвестицияларни жалб қилган ҳолда қазиб олиш ва қайта ишлашни ташкиллаштирсин;

пардозбоп тошларни қазиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган корхоналардан иборат кластерни барпо этиш ва пардозбоп тошларни чуқур қайта ишлаш орқали жаҳон стандартларига мос экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси Навоий вилояти Ғозғон шаҳри ҳудуди атрофида жойлашган мармар ва гранит тошларини қазиб олиш ва қайта ишлаш йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари  томонидан ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия шартларининг бажарилиши, техник меъёрлар ва хавфсизлик қоидаларига амал қилиниши ҳамда cолиқ тўловлари тўланишини икки ой муддатда хатловдан ўтказилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Навоий вилояти ҳокимлиги табиий қазилма бойликлардан оқилона ва самарали фойдаланишни ҳамда мармар ва гранит тошларини қазиб олиш ва қайта ишлаш фаолиятидан тушадиган солиқ тушумларини, шунингдек республиканинг йирик савдо мажмуаларида гранит ва мармар тошлари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тизимли назоратга олсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Навоий вилояти ҳокимлиги  2019 йилнинг 1 июлига қадар Ғозғон шаҳрининг инвестицион жозибадорлиги, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хорижий инвесторлар учун таклиф этилаётган шарт-шароит ва имкониятлар ҳақидаги инглиз ва рус тилларида видео-тақдимот материалларни тайёрлашни, “Инвестиция портали” ва оммавий ахборот воситаларига жойлаштиришни, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига юборилишини ва улар орқали кенг ёритишни таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (кейинги ўринларда - Ўзмиллийбанк), Навоий вилоят ҳокимлиги, “Ўзсаноатқурилиш-материаллари” уюшмаси билан биргаликда республиканинг барча ҳудудларида, шу жумладан Ғозғон ҳудудида 2020 йилнинг декабрь ойига қадар умумий қиймати 200,0 млн. АҚШ доллари бўлган мармар ва гранит тошларни қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳалари амалга оширилишини таъминласин.

Бунда, Ўзмиллийбанк кредитлари:

лойиҳа қийматининг 70 фоизидан ошмаган миқдорда замонавий асбоб ускуналар, технологиялар ва қурилиш материаллари сотиб олиш учун;

муддати 7 йилгача, фоиз ставкаси - миллий валютадаги кредитлар учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан ошмаган миқдорда, хорижий валютадаги кредитлар учун - халқаро молия институтлари ва хорижий банклардан жалб қилинган шартлар ҳамда Ўзмиллийбанкнинг 0,5 фоизга тенг маржаси қўшилган миқдорда ажратилади.

12. Мармар ва гранит тошларни қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида 2022 йил 1 январга қадар:

қурилиш-монтаж ишларини белгиланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этган ҳолда параллель равишда лойиҳалаштириш ва молиялаштириш шартларида;

тендер (конкурс) савдолари ўтказмаган ҳолда энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида пудрат ташкилотларини, асбоб-ускуналар, техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, хом-ашё, материаллар ва бошқа товарлар (хизматлар, ишлар) етказиб берувчиларни танлаш ҳуқуқи берилсин.

13. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

“Мармаробод” ДУК негизида ташкил этилган янги корхона томонидан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек Ўзбекистон Республикасда ишлаб чиқарилмайдиган зарур хом-ашё ва материаллар 2021 йил 1 январь муддатга қадар божхона тўловларидан озод қилиш (божхона расмийлаштируви учун тўловлардан ташқари);

лойиҳа ташаббускорлари таклифлари асосида импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни божхона тўловларидан озод этилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:

Ўзмиллийбанк кредит линияси доирасида бир ёки бир-бирига алоқадор гуруҳга ажратиладиган кредит хатарининг максимал нормативи;

банкнинг кредит портфелида бир тармоқга ажратилган жами кредитлар улуши нормативи;

Ўзмиллийбанкнинг инвестиция компанияси томонидан “Мармаробод” ДУК негизида ташкил этилган янги корхона устав фондида иштирок этиш юзасидан қуйилган чекловларни ҳисобга олмасин.

15. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари “Мармаробод” ДУК негизида ташкил этилган янги корхонага “Ўрикзор савдо мажмуаси”нинг қурилиш материаллари савдо қилиш қисмидан 0,5 га ер майдони ажратилиши таъминласин.

16. Навоий вилояти ҳокимлиги “Мармаробод” ДУК ҳудудида барпо этилган бинони (павильон) “Мармаробод” ДУК негизида ташкил этилган янги корхонага беғараз берилишини таъминласин.

17. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ва Молия вазирлиги Ғозғон ҳудудида жойлашган Саноат кончилик касб-ҳунар коллежи негизида юқори малакали кон иши ва қайта ишлаш, замонавий технологияларни ишлатиш йўналишларида малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилсин.

Юқорида кўрсатилган ўқув муассасасини зарурий ўқув жиҳозлари билан таъминлаш мақсадида маблағлар ажратилишини таъминласин.

18. Навоий вилояти ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси билан биргаликда Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишида талаб этиладиган ер участкаларини истисно тариқасида аукцион савдоларисиз Ғозғон шаҳрининг бош режасига инобатга олган ҳолда ажратилишини таъминласин.

19. Навоий ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Олий суди, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда ташкил этилаётган вилоят бўйсунувидаги Ғозғон шаҳрида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тузилмалари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи ва давлат нотариал идораси, “Ягона дарча” марказини ташкил этишни ташкил этиш масаласини кўриб чиқсин.

20. Навоий вилояти ҳокимлиги, Республика Ҳунармандлар уюшмаси билан биргаликда Ғозғон шаҳрида 2019 йилнинг 3 чорагида ҳунармандчиликни ривожлантириш марказини ташкил этиш чораларини кўрсин ва бунда халқ амалий санъати ижоди кўргазмалари учун махсус жой ажратиш, мармар тошларидан ясалган буюмлар ва бошқа ҳунармандчилик маҳсулотлар учун расталар қурилишини  ташкил этилсин.

21. Ўзбекистон Республикаси Товар хом ашё биржаси “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда Ғозғон шаҳрида Биржа савдолари электрон тизимига уланишини таъминлаган ҳолда мармар ва гранит тошлари сотишга ихтисослаштирилган  савдо майдончасини ташкил этсин.

22. Навоий вилояти ҳокимлиги ҳар чоракда:

халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг мажлисларида Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича ишларнинг натижадорлигини кўриб чиқсин;

Дастурнинг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни ҳар чорак якуни билан  Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин.

23. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов ҳамда Навоий вилояти ҳокими Қ.Б.Турсунов зиммасига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири       А.Арипов

Mazkur qaror loyihasi ilovalari bilan "O‘zbekiston Respublikasi normativ huquqiy hujjatlar loyihalarining muhokamasi" portaliga joylashtirilgan.