Ўқув семинари ташкил этилди

23/07/2019 - 16:24 467

Бугун Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг кичик мажлислар залида вазирлик ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таркибида ташкил этилган Ходимларнинг малакасини ошириш ўқув маркази томонидан икки кунлик ўқув семинар уюштирилди.

Мазкур семинарнинг ўтказилишдан асосий мақсад – Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтисодий ривожланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 10 январдаги ПФ-5621-сон Фармони ва шу санадаги “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4105-сон қарорининг тегишли банди ижросини таъминлашга қаратилган.

Ўқув маркази томонидан ўтказилган илк семинар вазирлик тизими қуйи бўғини ходимларининг малакасини ошириш бўйича ҳудудий иқтисодиёт ва саноат бош бошқармалари йиғма бўлимлари ходимларининг малакасини оширишга бағишланди. Шу билан бирга, бу семинар туман ва шаҳарларнинг маълумотлар базасини шакллантириш, салоҳиятини баҳолаш ва комплекс ривожлантиришни стратегик режалаштириш масалаларида ходимлар билим ва кўникмаларини бойитиш ҳамда бу борада иш фаолиятини тўғри йўналтирган ҳолда самарали ташкил этишга қаратилган.  

Маълумки, ҳозирги пайтда туман ва шаҳарлар бўйича маълумотлар базаси тўлиқ шакллантирилмаган, яъни ушбу ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини баҳолаш бўйича айрим маълумотларнинг (табиий хомашё ва энергетик ресурслар, меҳнат ва ишлаб чиқариш ресурслари, улардан фойдаланиш қувватлари, географик хусусиятлари ва ҳ.к.) тўлақонли эмаслиги, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ва комплекс салоҳиятини баҳолаш имкониятини бермайди. Бу эса мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишда, истиқболли ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда, инвесторлар маблағларининг аниқ мақсадли йўналишни танлашда маълум қийинчиликлар туғдиради.

Шу маънода бундай ўқув семинарларнинг ташкил этилиши туман ва шаҳарларнинг комплекс салоҳиятини тўғри баҳолаш, уларнинг стратегик ривожлантиришни режалаштиришнинг самарадорлигини ва инвестиция жозибадорлигини оширилишига хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида жойлардаги ходимлар билим ва кўникмаларининг юқори салоҳиятга эга эканига бевосита боғлиқдир.

Таъкидлаш жоизки, тизимнинг қуйи бўғин ходимларини ижтимоий ва аграр соҳаларни ривожлантиришни стратегик режалаштириш ҳамда макроиқтисодий таҳлил йўналишларида жами 628 нафар тингловчининг малакасини ошириш режалаштирилган.

Мазкур ўқув семинари тизимли равишда ўтказилиб, жорий йилнинг декабр ойигача давом этади.

Ахборот хизмати